Узбекистан ялпи ички маҳсулотида лизинг операциялари улушининг ҳар йили ўсиб бориши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича олиб борилган ишларнинг натижасидир. Чунончи 2010 йил якунларига кўра, республика лизинг хизматлари бозорида умумий микдори 430 млрд. сўмдан ортиқ микдордаги 5,5 мингдан ортиқ битимлар имзоланган. Жами лизинг портфелининг ҳажми 1,13 трлн. сўмдан ошди. Олдинги йилга нисбатан лизинг хизматлари ҳажмининг ўсиш суръати 7-8 фоиз даражасида бўлган. Битимларнинг катта қисми лизинг компаниялари томонидан тузилган.
Лизинг операцияларининг таркибий ўзгаришлари ҳам эътиборга молик. Агар 1990 йиллар охирида лизингга берилган объектлар орасида катта улушни қишлоқ хўжалиги техникаси ташкил қилган бўлса, 2010 йил якунлари бўйича технологик асбоб-ускуналар етакчилик қилган. Учинчи Тошкент Халқаро лизинг форумида Ўзбекистондаги лизинг хизматлари бозорининг истиқболлари ҳақида қатнашчиларга батафсил маълумот берилди. Бу эса мазкур секторга хорижий инвестиция жалб этишнинг зарур шарти ҳисобланади. Мутахассисларнинг баҳолашича, мазкур бозор имконияти кенгдир — 2015 йилда лизинг хизматлари ҳажми салкам 930 миллиард сўмни ташкил этиши тахмин этилмокда.
Форум доирасида лизинг хизматлари соҳасидаги жамоатчилик мукофоти — «Олтин портфель» лауреатларини такдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.